Янгиликлар / Pepsi Суперлига

Мавсум тараддуди-2018

08.01.2018 17:17 | Pepsi Суперлига

“ЛОКОМОТИВ”

Жамоа янги мавсумга тайёргарликни 2017 йилнинг 24 декабрида, ўз қароргоҳида бошлаган. Айни пайтда Тошкентда машғулотлар олиб бораётган футболчилар эртага йиғинни хорижда давом эттириш учун БААнинг Дубай шаҳрига жўнаб кетишади.

Клуб билан шартномаси якунланган Олабиран Блессинг, Муҳаммад Коне, Шерзод Файзиев ва  Бобир Давлатовга рухсат берилган. Айни пайтда Фарҳод Бекмуродов каби бир қатор футболчилар кўрикдан ўтишмоқда. “Пахтакор” аъзоси Шерзод Каримов ҳам янги мавсумни “темирйўлчилар” таркибида давом эттиришни лозим топган. Мавсум бошлангунга қадар турли амплуаларга беш нафар тажрибали футболчиларни таркибга қўшиш кўзда тутилган.

Жамоа янги мавсумда JOMA бренди остидаги оқ ва қизил спорт кийимларида майдонга тушишни режалаштирмоқда.

 

“ПАХТАКОР”

 

Шота Арвеладзе шогирдлари янги мавсумга тайёргарликни бира-тўла хорижда бошлашни афзал билишди ва 3 январда Туркиянинг Белек шаҳрига сафар этишди. Йиғин доирасида 7 январда "Тургутлуспор" (Туркия, 3-лига), 11 январда "Шанлиурфаспор" (Туркия, 2-лига), 15 январда "Партизани" (Тирана, Албания Суперлигаси) ва 20 январда "Вардар" (Скопье, Македония юқори лигаси) клублари билан назорат учрашувлари ўтказиш режалаштирилган. Жамоа   21 январь куни Туркиядан қайтгач, тайёргарликнинг иккинчи босқичини Тошкентда давом эттиради. Навбатдаги йиғинлар жамоанинг 30 январь куни Қатар мамлакатининг Доха шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионлар лигаси плей-оффининг “Ал-Гарафа” клубига қарши учрашувидан сўнг маълум бўлади.

 

Жамоани Шерзод Каримов (“Локомотив”), Игорь Сергеев (“Ал-Дафра” БАА), Даврон Ҳошимов, Жавоҳир Соҳибов, Беҳруз Саъдиллаевлар тарк этишди. Владимир Козак, Александр Лобанов, Азим Аҳмедов, Акбар Исматуллаев, Жамшид Искандеров билан шартнома муддатлари якунланган ва қайта шартномалар имзоланган. Шунингдек, Баҳром Абдураҳимов, Дилшод Раҳматуллаев, Фарруҳ Сайфиев, Акмал Шораҳмедов, Ҳусниддин Ғофуровлар билан икки йиллик битимлар тузилган.

Футболчилар  “Adidas” брендида, аввалдагидек,  сариқ-кўк ва оқ рангли формаларда тўп суриши ҳал этилган.

 

“БУНЁДКОР”

Миржалол Қосимов устозлигидаги жамоа дастлабки ўқув-машғулот йиғинини 2017 йилнинг 22 декабрида, клуб қароргоҳида бошлаган. Йиғинлар тўрт босқичда режалаштирилган бўлиб, иккинчи йиғин Тошкентда, 3 январда бошланган ва 30 январгача давом эттирилади. Учинчи йиғин хорижда, 1-15 февраль кунлари БААнинг Дубай шаҳрида ташкиллаштирилади. Сўнгги йиғин эса 17 февралдан то мавсум бошлангунга қадар Тошкентда давом этади.

 “Бунёдкор” ФК билан шартномаси якунланган Отабек Шукуров БААнинг “Шаржа” клубига ўтди. Шунингдек, шартномаси тугаган хорижлик Вадим Чемиртан ҳам жамоани тарк этган. Айни пайтда жамоа билан шуғулланаётган футболчилардан Муроджон Зуҳуров, Жавлон Иброҳимов, Шаҳзодбек Нурматовларнинг ҳам шартномалари якунланган. Шу кунларда улар билан янги битим имзоланиши кутилмоқда. Қолаверса, клуб мураббийлар штабида бир нафардан ярим ҳимоячи ва ҳужумчи таклиф этиш режаси ҳам бор.

“Бунёдкор” 2018 йилда ҳам Германиянинг JAKO компанияси либосларида ҳаракат қилади. Жамоа либослари оқ ва тўқ кўк рангларда бўлади.

 

“МАШЪАЛ”

Футболчилар ўқув-машғулот йиғинини 5 январда Янгиерда бошлашди. Янги босқичга тайёргарлик йиғини икки босқичда ўтиши белгиланган. Дастлабкиси 5-20 январь кунлари  Янгиернинг ўзида, иккинчиси 25 январдан 11 февралгача Фарғонада.

Айни пайтда Зоҳир Қўзибоев, Кенжа Тўраев, Умид Матмусаев, Томоки Мураматсу, Шахзод Шайманов ва Игорь Тиманюклар жамоа йиғинида иштирок этишмаяпти, аммо улар  расман жамоани тарк этишганича йўқ. Янгилардан Акрам Бахриддинов ва Мухсин Убайдуллаев билан шартнома имзоланган. Шунингдек, машғулотларда 15 нафарга яқин кўрикдан ўтаётганлар бор.

8 январда “Қўқон-1912”, 13 январда Қозоғистон клубларидан бири,  17 январда “Навбаҳор”, 18 январда эса “Сўғдиёна” жамоалари билан ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиш режалаштирилган.

Футболчилар янги мавсумда “Патрик” фирмасининг оқ, кўк ва сариқ ранглардаги спорт кийимларида ҳаракат қилиши кўзда тутилмоқда.

 

“ҚЎҚОН-1912”

Жамоа янги йилга қадар илк йиғинини ўз қароргоҳида ўтказганди. Навбатдаги йиғин 4 январь куни Тошкентда бошланди. Тўрт босқичдан иборат ташкил этиладиган йиғинларнинг қолганлари Фарғона ва Тошкент шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган. 8 январда “Машъал”, 14 январда “Навбаҳор”, 23 январда эса “Бухоро” клублари билан назорат учрашувлари ўтказилиши белгиланган. 18 январда ҳам битта ўртоқлик ўйини ўтади, бироқ рақиб номи ҳозирча маълум эмас.

Ф.Райевац, Н.Рибкин, А.Сидоровнинг ижара муддати тугади ва улар “Пахтакор”га қайтишди. Ҳозирча ҳеч ким билан шартнома тузилмади.

Айни пайтда жамоа таркибида Даврон Ҳошимов (“Пахтакор”), Баҳодир Пардаев (Ж.Корея), Ўткир Юсупов (“Нефтчи”), Игорь Таран (“Шўртан”), Музаффар Абдуллаев (“Сўғдиёна”) каби футболчилар кўрикдан ўтишмоқда. Мавсум бошлангунга қадар таркибга икки нафардан дарвозабон, ярим ҳимоячи ва ҳужумчи ҳамда бир нафар ҳимоячи таклиф этишга эҳтиёж бор.

 

Жамоа янги мавсумда қандай спорт кийимида майдонга тушиши ҳозирча маълум эмас. 

Жамоа Ў Т-Н О
1 Пахтакор 22 36-12 47
2 Локомотив 22 35-21 40
3 Бунёдкор 22 35-26 40
4 Навбаҳор 22 29-18 37
5 Металлург 22 24-29 33
6 Бухоро 22 23-28 32
7 Қўқон-1912 22 21-20 28
8 АГМК 22 26-28 26
9 Насаф 22 21-28 26
10 Қизилқум 22 20-29 23
11 Сўғдиёна 22 17-32 17
12 Нефтчи 22 12-28 15

Тўпурарлар

Футболчи Гол
1 Исмоил Гонсалвеш 12
2 Жавлон Иброхимов 10
3 Тиаго Безерра 10
4 Марат Бикмаев 9
5 Йован Жокич 8
6 Холмуҳаммедов Мурод 8
7 Зохид Абдуллаев 7
8 Элгужа Григалашвили 7
9 Сардор Рашидов 6
10 Исломбек Исоқжонов 6