Янгиликлар

Андрей Микляев: Қаторасига иккинчи бор мамлакат Кубогини қўлга киритиш жуда ёқимли

04.12.2017 21:42 | Ўзбекистон кубоги

Ўзбекистон Кубоги–2017 мусобақаси финал ўйинида “Бунёдкор” ва “Локомотив” жамоалари баҳс олиб борди. Унда “темирйўлчилар” 1:0 ҳисобида зафар қучиб, қаторасига иккинчи йил мамлакат Кубоги соҳибига айланди.

Учрашув якунига етганидан кейин “темирйўлчилар” устози Андрей Микляев ўйин ҳақидаги фиркларини билдириб ўтди.

“Бугун ҳаво совуқ бўлганига қарамай, бизни қўллаб-қувватлагаш учун келган мухлисларга катта раҳмат айтаман. Тўлиқ стадион қаршисида ўйнаш ёқимлидир.  Шунингдек, яхши футбол кўрсатгани учун ҳар икки жамоа вакилларига миннатдорчилигимни билдираман. Мазмунли футбол, икки хил тайм гувоҳига айландик. Финал учрашуви ташкилотчиларига ҳам ташаккуримни билдираман.

Кетма-кет иккинчи марта мамлакат Кубогини қўлга киритганимиздан мамнунмиз ва бу жуда ёқимли. Ўйин давомида кўплаб вазиятлар бўлди. Баъзи вазиятларда рақиб ҳужум уюштирганда омад биз томонда бўлди. Омад кучлилар томонида бўлади. Мавсум давомида меҳнат қилган футболчиларимга раҳмат. Биз мақсадимиз сари ҳаракат қилиб, унга эришдик. Жамоа аҳил ва иноқ бўлиб келди, раҳбарият билан ҳам яхши муносабатда бўлдик. Бунинг барчаси жамоадаги ажойиб муҳит сабаблидир.

Мавсум давомида бизга ёрдам берган раҳбариятга, мухлисларимизга ва сиз журналистларга ташаккур айтаман. Мавсум олдидан олдимизга қўйилган вазифаларни бажардик. Кетма-кет иккинчи бор бундай натижага эришиш биринчисидан ҳам қийин. Кичик танаффусдан кейин янги мавсумни қандай бошлаш ҳақида ўйлаймиз. Ҳозир эса муваффақиятни нишонлаймиз”, – деди Андрей Микляев.