Янгиликлар

“Локомотив”, “Насаф” ва “Пахтакор” ОЧЛ-2018га қизғин тайёргарлик кўрмоқда

11.01.2018 15:09 | Клублар

Келаётган мавсумда халқаро майдонда мамлакатимиз шарафини 3та клуб ҳимоя қилади. Осиё Чемпионлар лигаси-2018да “Локомотив” иштирокини гуруҳ босқичидан бошласа, “Насаф” ҳамда “Пахтакор” клублари плей-офф босқичида ўз кучларини синаб кўришлари лозим бўлади.

Айни пайтда ҳар учала клуб ҳам нуфузли мусобақага қизғин тайёргарлик олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби “Локомотив" 9 январдан БААнинг Дубай шаҳрида ўқув-машғулот йиғини бошлади. “Темирйўлчилар” Дубайда 23 январга қадар йиғин ўтказади ва кунига 2 маҳалдан машғулотлар олиб боради. “Локо” шунингдек мазкур йиғин давомида 4та назорат беллашуви ўтказишни ҳам режалаштирган.

 

Қаршининг “Насаф” клуби ҳам 9 январдан эътиборан қишки ўқув-йиғин машғулотларини хорижда давом эттирмоқда. Қаршиликлар Туркиянинг Белек шаҳрида 22 январгача шуғуллашади. Мураббийлар штаби Туркияга 23 нафар футболчини олиб кетишди. Хорижий йиғин давомида ҳам сафга янги футболчилар қўшилиши кутилмоқда. “Насаф” 23 январ куни Қаршига қайтиб келади ва 30 январда бўладиган плей-офф учрашувига тайёргарликни уйда давом эттиради.

 

Яна бир плей-офф босқичида қатнашадиган клубимиз – “Пахтакор” эса 3 январь куни Белекда йиғин бошлади. “Шерлар”нинг ушбу хориж йиғини 21 январгача давом этади. Йиғинга 25 нафар футболчи олиб кетган “Пахтакор” 4та назорат беллашувида майдонга тушишни режалаштирган. Уларнинг дастлабкисида “Пахтакор” Туркия учинчи лига иштирокчиси “Тургутлуспор”га қарши майдонга тушди ва 3:0 ҳисобида зафар қучди.